Бугун 14 ноябрь, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Нетаняҳу ниҳоят тан олди...

Нетаняҳу ниҳоят тан олди...

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ливанда пейжерлар портлашидан салкам икки ой ўтиб, яҳудий давлати ушбу амалиётга алоқадорлигини тан олди, деб хабар берди The Times of Israel нашри.

«Пейжерлар ва [«Ҳизбуллоҳ» етакчиси Ҳасан] Насруллоҳни йўқ қилиш амалиётлари мудофаа идорасидаги юқори мартабали амалдорлар ва сиёсий тизимдаги масъул шахсларнинг эътирозига қарамай ўтказилди», – деган Нетаняҳу ҳукуматнинг якшанба кунги йиғилишида.

Бу амалиётга эътироз билдирганлардан бири яқинда ишдан бўшатилган мудофаа вазири Йоав Галант экани айтилмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 17, 18 сентябрь кунлари Ливанда пейжерлар ҳамда бошқа электрон қурилмаларнинг оммавий равишда портлаши рўй берган.

Бунинг оқибатида 40 дан зиёд киши ҳалок бўлган, 4000 га яқин киши жароҳатланган.

Ўшандаёқ The New York Times нашри Америка расмийларига таянган ҳолда пейжерлар операцияси Исроил томонидан уюштирилгани ҳақида ёзганди.

Reuters агентлиги Исроил разведкаси «Ҳизбуллоҳ» томонидан буюртма қилинган ва Тайванда ишлаб чиқарилган пейжерлар ичига портловчи моддаларни жойлаштириб чиққанини ёзган.

Яқин Шарқдаги ҳодисаларни ёритишга ихтисослашган «Al Monitor» нашри ҳам пейжерлар портлаши Исроил махсус хизмати – «Моссад» томонидан амалга оширилгани ҳақида хабар берганди.

«Al Monitor» Яқин Шарқдаги разведка хизматларига таяниб ёзишича, Исроил махсус хизмати «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати Тайвань ширкатидан сотиб олган пейжерларни маҳсулот буюртмачига етиб боргунга қадар бўлган жараёнда миналаштиришга муваффақ бўлган.

Исроил, аслида, пейжерларни «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати билан тўлақонли уруш бошланган пайтида рақибни саросима ва қўрқувга солиш мақсадида оммавий равишда портлатишни режалаштирган эди. Бу орада «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатининг икки аъзоси пейжерлардаги шубҳали ҳолатларни сезиб қолган ва бу ҳақда ўз раҳбариятига маълум қилмоқчи бўлган. Бундан хабар топган Исроил айғоқчилик хизмати ошиғич равишда пейжерларни портлатган.

Жаҳон матбуоти пейжерлар портлаши ортида Исроил турганини ёзган бўлса ҳам яҳудий давлати расмийлари буни тан олмай келаётганди. Хусусан, Исроил президенти Исхак Ҳерцог Тель-Авивнинг Ливанда минглаб одамлар жароҳатланган пейжерлар ва бошқа радиоалоқа воситалари портлашига алоқадорлигини инкор этганди.

Киритилди: 00:51 12.11.2024. Ўқилди: 2355 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!