НАТО Германияни Полша ва Чехия билан боғловчи қувурлар тизимини қуриш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Der Spiegel нашриёти Бундесвернинг хизмат ҳужжатларига асосланиб хабар бермоқда. Ушбу қадам Россия томонидан ҳужум бўлган тақдирда, альянснинг шарқий қанотидаги қўшинларни авиация ёқилғиси билан узлуксиз таъминлаш имконини бериши кутилмоқда.
Нашр маълумотларига кўра, НАТО қувур тармоқларини ёқилғи таъминотининг жуда муҳим қисми деб ҳисобламоқда. Шу сабабли, Брамше шаҳридан (Қуйи Саксония) Полшагача бўлган мавжуд қувурни узайтириш, шунингдек, Инголштадтни (Бавария) Чехия билан боғлайдиган янги йўналишни яратиш режалаштирилган. Келажакда тармоқни Литвагача кенгайтириш имконияти ҳам кўриб чиқилмоқда.
Германия мудофаа вазирлигининг фикрича, бундай инфратузилма бўлмаса, ҳарбий можаро ҳолатида қўшинларни ёқилғи билан таъминлаш НАТО учун "ахиллес товони"га айланиши мумкин.
Бундесвер ҳужжатида таъкидланишича, ўқ-дорилар ва техника эҳтиёт қисмларини ҳаво орқали тезкор етказиб бериш мумкин, бироқ ёқилғини бу усулда ташиш эҳтимоли паст, чунки у жуда катта миқдорда сарф этилади.
Лойиҳа 21 миллиард евро миқдорида сармоя талаб қилиши ва 2035 йилга қадар якунланиши кутилмоқда. Германия мудофаа вазири Борис Писториус 3,5 миллиард евродан ортиқ қийматдаги ишларни молиялаштиришга тайёрлигини тасдиқлади. У ёқилғи билан узлуксиз таъминлаш қуролли кучлар жанговар тайёргарлигининг асосий шартларидан бири эканлигини таъкидлади.