2024-йил якунларига кўра, Россияда табиий йўқотиш – яъни вафот этганлар ва туғилганлар сони орасидаги фарқ 596,2 минг кишини ташкил этди. Бу ҳақда Росстат маълумот берди. Ушбу кўрсаткич 2023-йилдаги даражадан 20,4% юқори бўлиб, ўшанда табиий йўқотиш 495,2 минг киши бўлган.
2024-йилда мамлакатда туғилган чақалоқлар сони камайишда давом этиб, 1,222 миллион болани ташкил этди, бу 2023-йилдагидан 3,4% кам (1,265 миллион). Бундай паст туғилиш даражаси охирги марта фақат 1999-йилда қайд этилган бўлиб, ўшанда 1,215 миллион бола туғилган эди. Туғилиш коэффициенти (ҳар 1 минг кишига тўғри келадиган туғилишлар сони) 2023-йилдаги 8,7 дан 2024-йилда 8,4 га тушиб кетди. Росстат маълумотларига кўра, ўтган йилда туғилиш даражаси фақат Чеченистон, Доғистон, Ингушетия, Кабардино-Балкария, Шимолий Осетия, Адигея ва аннексия қилинган Қрим ҳудудларида ўсган.
2024-йилда Россияда 1,82 миллион киши вафот этди, бу 2023-йилдагидан 3,3% кўп. Бунга қадар, 2022 ва 2023-йилларда ўлим даражаси пасайган эди: 2023-йилда 7,1%, 2022-йилда эса 22,3% га. Ушбу пасайиш 2021-йилдаги COVID-19 пандемияси сабабли рекорд даражада кўп – 2,44 миллион одам вафот этгани билан боғлиқ эди. 2024-йилда ўлим коэффициенти 12,0 дан 12,5 га ошди (ҳар 1 минг кишига).
Шундай қилиб, Россияда табиий йўқотиш тўққиз йилдирки кетма-кет давом этмоқда ва 2016–2024 йиллар оралиғида жами 4 миллион кишидан ошди. 2000-йилдан бери Россия аҳолиси 11 миллион кишига камайди, бу Санкт-Петербург аҳолисининг икки баробари ёки Липетск, Рязан ва Брянск вилоятлари аҳолиси сонининг ўн карра ошиғига тенг.
БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўлими прогнозига кўра, Россияда туғилиш ва ўлим ўртасидаги номутаносиблик 2070-йилгача ҳар йили 500–700 минг киши даражасида сақланиб қолади. Табиий йўқотиш миграция оқими ҳисобига қисман қопланиши мумкин, аммо шунга қарамай, мамлакат аҳолиси камайишда давом этади. БМТ баҳосига кўра, 2100-йилга келиб Россия аҳолиси 126 миллион кишига тушиб кетади, бу эса 1965-йилдан бери энг паст кўрсаткич бўлади.