Наманган вилояти Косонсой туманидаги 39-сонли мактабда бошланғич синф ўқитувчиси 1-синф ўқувчисини китобни ўқиб бера олмагани учун ургани айтилмоқда. Бу ҳақда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси хабар берди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган "Бола калтакландими?" сарлавҳали видео юзасидан бошқарма томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, мактабда хизмат текшируви бошланган.
Дастлабки ўрганишларга кўра, воқеа 16 сентябрь куни соат 10:30 ларда, учинчи дарс вақтида содир бўлган. Ўқитувчи 1-синф ўқувчисини китобни ўқиб бера олмагани сабабли бир неча бор урган.
Айни вақтда ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда унга масъул мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларини ўрганиш мақсадида хизмат текшируви давом эттирилмоқда.
Текширув якунлари бўйича мактаб раҳбарияти ва ўқитувчига нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилиши маълум қилинди.