Бугун 15 май, 2025 йил, пайшанба

O'ZB

Муса Ерниязовнинг аҳволи оғир, у сунъий нафас олиш аппаратига уланган

Муса Ерниязовнинг аҳволи оғир, у сунъий нафас олиш аппаратига уланган

Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси, сенатор Муса Ерниязовнинг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда. Бу ҳақда 30 июль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш бўйича штаб аъзоси Анвар Алимов маълум қилди. Аввалроқ, 18 июль куни Муса Ерниязовнинг коронавирусга чалингани тасдиқланган эди (унинг бетоблиги ҳақидаги хабарлар июль ойи бошидаёқ тарқалган эди). Бу ҳақда "Дарё" ёзмоқда.

«Мен куни кеча Қорақалпоғистондан келдим, Муса Ерниязов даволанаётган клиникада уч кун бўлдим. У ҳақиқатан ҳам академик Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг Қорақалпоғистон филиали клиникасида даволманмоқда. Респиратор муолажалар олмоқда, ўпкани сунъий шамоллатиш тартибида даволанмоқда. Унинг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда, уни Туркия ё бошқа бирор жойга олиб чиқиш ҳақида гап йўқ. Унга қараётган шифокорлар билан бугун ҳам гаплашдик, у ҳозир Қорақалпоғистонда даволанмоқда», — деди Анвар Алимов.

Ҳабибулла Оқиловнинг таъкидлашича, Муса Ерниязовда коронавирус инфекцияси тасдиқланганидан бери у Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг Қорақалпоғистон филиали клиникасида даволманмоқда.

«У ерда Тошкентдан икки шифокор ва маҳаллий, Нукусдаги шифокорлар ишлаяпти, мана, Анвар Валиевич бориб келдилар, ўтган сафар бирга бориб келгандик. Туркиялик шифокорлар гуруҳи келганида, германиялик мутахассислар билан мулоқот бўлганида, биз Нукус билан видеоконференс-алоқа ташкил этгандик. Ўшанда Бухоро, Хоразмдаги бир қатор беморлар билан бир қаторда Нукусда даволанаётган Муса Ерниязовнинг аҳволи бўйича маслаҳатлашувлар бўлиб ўтган ва шунга асосан даволаш режасига тегишли тузатишлар киритилган эди», — дея қўшимча қилди Оқилов.

Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаев «Дарё» сўровига жавобан Муса Ерниязовнинг даволаниш учун Туркияга олиб кетилгани ҳақидаги хабарлар мутлақо асоссиз эканини маълум қилган эди.

«Ҳеч бир бемор Туркияга кетгани йўқ. Туркиялик мутахассислар Ўзбекистондаги оғир аҳволдаги беморлар бўйича онлайн консультация қилиш учун ташриф буюрган. Ушбу беморлар қаторида Муса Ерниязов ва Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг ҳолати бўйича онлайн консультация бўлди, даволаш стандартларига тузатишлар киритилди», — дея маълум қилганди ССВ матбуот котиби.

Киритилди: 18:03 30.07.2020. Ўқилди: 6035 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!