Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ижтимоий тармоқларда миллий сертификат имтиҳонларига рўйхатдан ўтишда белгиланган лимитлар юзасидан турли фикрлар билдирилгани ортидан расмий муносабат билдирди.
Агентлик ўринлар сони талабгорларни чеклаш ёки юқори натижа кўрсатиши мумкин бўлган иштирокчилар сонини сунъий равишда камайтириш мақсадида белгиланмаганини маълум қилди.
Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 июлдаги қарори билан “Умумтаълим фанларини билиш даражасини аниқлаш ва сертификат бериш тартиби тўғрисида”ги низомга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Унга мувофиқ, тест синовлари ўтказиладиган жойлар, ҳудудлар кесимидаги ўтириш ўринлари сони ҳамда имтиҳон саналари белгиланади.
2026 йилнинг сентябрь–декабрь ойларида жами 496 минг 303 та ўтириш ўрни ажратилган. Шундан сентябрь учун 125 минг 753 та, октябрь учун 129 минг 535 та, ноябрь учун 112 минг 335 та ва декабрь учун 128 минг 680 та ўрин белгиланган.
Шунингдек, миллий сертификат имтиҳонларини ўтказиш даврийлиги ҳам оширилмоқда. Сентябрь–декабрь ойларида математика, кимё, география, биология, физика, она тили ва адабиёт ҳамда тарих фанларидан икки мартадан, ҳуқуқшунослик фанидан эса бир марта имтиҳон ўтказилиши режалаштирилган. Жами 15 та имтиҳон ташкил этилиши кўзда тутилган.
Таққослаш учун, 2025 йилнинг сентябрь–декабрь ойларида жами 11 та имтиҳон ўтказилган ва уларда 255 217 нафар талабгор қатнашган.
Агентликнинг билдиришича, ҳудудлар бўйича ўринлар сонини белгилашдан асосий мақсад мавжуд инфратузилма, техник воситалар, ходимлар ва назорат ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ҳудудлар бўйича юкламани мақбул тақсимлаш ҳамда имтиҳонларни барқарор ва сифатли ташкил этишдан иборат.
Шунингдек, бундай ёндашув натижаларни белгиланган муддатларда эълон қилиш учун зарур шарт-шароитларни таъминлашга қаратилгани қайд этилди.