Бу ҳақда вазирлик ва идораларнинг расмий хабарларида маълум қилинган.
Жумладан, Янги Зеландия Ташқи ишлар ва савдо вазирлиги жума куни электрон почта хизматида узилишлар юзага келганини билдирди.
«Microsoft тизимидаги глобал носозлик туфайли вазирликнинг электрон хатларни қабул қилиш имконияти чекланган. Агар сизга шошилинч консуллик ёрдами керак бўлса, биз билан телефон орқали боғланинг», — дейилади расмий хабарда.
Мамлакат Иммиграция хизмати ҳам барча виза аризаларини кўриб чиқишни тўхтатди ва Immigration Online платформаси орқали янги аризалар қабул қилишни вақтинча чеклади.
Носозлик кўчмас мулк бозори регулятори — REA фаолиятига ҳам таъсир кўрсатди. Идора ҳужжатларни юбориш ва молиявий ҳисоб-китобларни амалга ошириш имконияти йўқлигини маълум қилди.
Глобал узилиш натижасида Outlook электрон почтаси ва Microsoft 365 платформасининг Teams ҳамда Copilot каби бошқа хизматларидан фойдаланишда ҳам муаммолар кузатилди.
Downdetector портали маълумотларига кўра, бир соат ичида носозлик 74 та мамлакат ва ҳудудда қайд этилган. Муаммолар ҳали тўлиқ бартараф этилмаган.
Microsoft вакили эса юзага келган носозлик киберҳужум билан боғлиқ эмаслигини билдирган.