Германиянинг Mercedes-Benz автомобиль концерни мамлакат ҳудудидаги ишлаб чиқаришга келгусидаги барча инвестицияларни музлатишга қарор қилди. Компания ходимлар харажатларини қисқартириш бўйича муҳокамалар фонида Германиядаги заводларини ёпиш эҳтимолини ҳам истисно этмаяпти.
Бу ҳақда DPA агентлиги маълум қилган.
Концерннинг ишлаб чиқариш масалалари бўйича бошқарув аъзоси Михаэль Шибенинг айтишича, капитал қўйилмаларни тўхтатиш ҳақидаги қарор раҳбарият томонидан биргаликда қабул қилинган. Унинг сўзларига кўра, ишлаб чиқариш кенгаши ва IG Metall касаба уюшмаси билан кўплаб жадал музокаралар ўтказилганига қарамай, томонлар мақбул муросага эриша олмаяпти. Амалдаги харажатлар таркиби шароитида Германияга инвестиция киритишни давом эттириш имконсиз.
Топ-менежер тушунтиришича, Германияда ишлаб чиқаришдаги бир соатлик меҳнат харажати айрим ҳолларда концерннинг Шарқий Европадаги заводларига нисбатан беш баравар юқори. Маъмурий соҳада ҳам шунга ўхшаш тафовут кузатилмоқда.
Аввалроқ Шибе харажатларни қисқартиришда силжиш бўлмаса, Германиядаги иккита корхона — битта автомобиль йиғиш заводи ва куч агрегатлари ишлаб чиқариш майдончаси ёпилиш хавфи остида қолишини огоҳлантирган эди.
Германия автомобиль саноати сўнгги йилларда инқирозни бошдан кечирмоқда. Дастлаб COVID-19 пандемияси сабаб юзага келган бу инқироз 2022 йилдан бошлаб энергия ресурслари нархининг кескин ошиши, шунингдек, Хитой автомобиль ишлаб чиқарувчилари рақобатининг кучайиши туфайли янада чуқурлашди. АҚШ божлари ва Яқин Шарқдаги инқироз оқибатлари ҳам қўшимча салбий омил бўлди.