Америкалик миллиардер Илон Маск Доналд Трамп маъмуриятида янги вазифани ўз зиммасига олмоқда, Пентагонга АҚШ қўшинларига келажак урушларини олиб бориш учун қандай қурол ва технологиялар керак бўлишини аниқлашда ёрдам беради. Бу ҳақда Fox News хабар берди.
АҚШ Уруш вазири Пит Ҳегсет Meridian лойиҳаси – Пентагоннинг бўлажак уруш фронтлари ва зарур имкониятларни аниқлаш бўйича ташаббуси бошланганини эълон қилган. Мажкур лойиҳага уруш вазири ўринбосари Эмил Майкл раҳбарлиги остида SpaceX асосчиси Илон Маск, Anduril асосчиси Палмер Лаки ва Вакиллар палатасининг собиқ спикери Ньют Гингрич жалб этилган.
Ҳегсетнинг сўзларига кўра, гуруҳ 120 кун давомида “урушлар, ҳудудлар ва технологиялар траекториясини лойиҳалаштиради”, шундан сўнг хулосалар оммавий равишда тақдим этилади ва махфий илова яратилади. Пентагон раҳбари лойиҳа кўламини “Ер қаъридан то Ойгача” қамраб олувчи деб таърифлаган.
Қайд этиш жоизки, Илон Маск Доналд Трамп президентлик лавозимига қайтганида унинг атрофидаги энг таъсирли шахслардан бири ҳисобланар эди. Тадбирокор бир неча ой давомида ҳукумат ишини мақбуллаштириш департаментига (DOGE) раҳбарлик қилди, бироқ кўп ўтмай у ва Трамп ўртасида низо келиб чиқди. Шундан сўнг Маск Трамп маъмуриятини тарк этди.
2026 йилнинг ёзида Америка оммавий ахборот воситалари Трамп ва Маскнинг муносабатлари қайта тиклагани ҳақида ёзди. Хабар қилинишича, миллиардер Конгрессга сайловлар олдидан Республикачилар партиясини молиялаштиришни қайта бошлаган.