Ижтимоий тармоқлар орқали “Самарқандда фуқаро ўз машинасида шер боласини олиб юрганлиги" ҳақида видео тарқалди.
Самарқанд вилоят Экология бошқармаси, вилоят прокуратураси ва ИИБ ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан тезкор тартибда ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганиш натижасида Самарқанд туманида яшовчи фуқаро Африка шери боласини туманнинг Оқбўйро маҳалласи ҳудудидаги дала ҳовлиларнинг бирига яширишга урингани маълум бўлди. Шер боласи дала ҳовлининг сим тўсиғига боғлаб кетилган ҳолда топилди. Унга биринчи ёрдам кўрсатилиб, вақтинча сақлаш учун вилоят кинология марказига олиб келинди ҳамда алоҳида парваришга олиниб, тиббий кўрикдан ўтказилди.
Айни пайтда ушбу қонунбузарлик юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, вилоят прокуратураси томонидан ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилмоқда.