Бугун 24 апрель, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

Машҳур актёр 49 ёшида аутизмга чалинганини маълум қилди

Машҳур актёр 49 ёшида аутизмга чалинганини маълум қилди

Америкалик актёр Вентворт Миллер аутизм билан оғриганини маълум қилди, деб хабар бермоқда Meduza нашри.

Одатда бу касаллик эрта болаликда аниқланади, лекин Миллер бу ҳақда 49 ёшида билган. Аутизм одамнинг мулоқот қилиши, ўзини тутиши ва дунёни идрок этишига таъсир қилади. Бу касалликка чалинган одамларнинг қобилият ва эҳтиёжлари турлича бўлади, аммо вақт ўтиши билан улар ўзгариши мумкин.

Миллер «Қочиш» фильмидаги Майкл Скофилд, шунингдек, «Флеш» ва «Эртанги кун афсоналари" фильмларида капитан Холод роллари билан машҳур. Кейинчалик Миллер руҳий тушкунлик билан курашганини ҳамда 15 ёшида ўз жонига қасд қилишга уринганини тан олган. 2020 йилда «Қочиш»нинг янги мавсуми ҳақидаги миш-мишлар фонида актёр Скофилд ролини ижро этишдан бош тортган.

Актёр 27 июль куни Instagram саҳифасида обуначиларига унга қўйилган ташхис ҳақида маълум қилди. Актёрнинг сўзларига кўра, у аутизм аломатларини бир йил олдин — 2020 йилнинг кузида сеза бошлаган, кейинчалик шифокорлар томонидан ташхис тасдиқланган. Миллер унда қандай белгилар намоён бўлганига аниқлик киритмаган. Ташхис Миллерни ҳайратда қолдирган, аммо актёр ҳаётидаги ҳеч нарсани ўзгартирмаслигини таъкидлади — у аутизмни ўзининг ва эришган нарсаларининг муҳим қисми деб атади: «Бу мен ўзгартирмоқчи бўлган нарса эмас. Йўқ. Мен дарҳол аутизмни қабул қилдим, бу менинг тақдирим», — деган актёр.

Хабарга ёзилган изоҳларда актёрни обуначилар, аутизмга қарши курашиш фаоллари ва ўқитувчилари ҳамда бошқа машҳур шахслар қўллаб-қувватлаган. Улар орасида Миллернинг «Эртанги кун афсоналари» телесериалидаги ҳамкасблари Ник Зано ва Брандон Рут, шунингдек, актёр Брандон Флинн («Негалигининг 13 сабаби») ҳам бор. Бунга жавобан Миллер кейинги постида уларга миннатдорлик билдириб, профилига «аутизмга чалинган/ўзгача хусусиятли одам» изоҳини қўшиб, аутизм шахсиятининг бир қисмига айланганини таъкидлаган.

Аутизм катталарда ҳам намоён бўлиши мумкинми?

Афтидан, Миллернинг ҳолати ўзига хос эмас — катталарда енгил турдаги аутизм камдан кам ҳолатларда учрайди. Бироқ енгил турдаги аутизмга чалинган одамлар одатда касалланганини билмай туриб ҳам жамиятга мослашади ва ижтимоий муносабатларга кириша олади.

Аутизм спектрининг бузилиш белгилари одатда бир ярим ёшдан кейин аниқланиши мумкин. Бироқ ота-оналар бу ҳақда доим ҳам билавермайди, шифокорлар ҳам бунга эътиборсиз бўлиши мумкин. Натижада баъзилар ўз ташхиси ҳақида ўсмирлик ёки балоғат ёшидагина билишади.

Британия Миллий соғлиқни сақлаш хизмати катталарда учрайдиган аутизм ҳақидаги махсус мақоласида унинг асосий симптомларни санаб ўтади:

  • Бундай одамлар учун бошқалар нима деб ўйлашини ёки нимани ҳис қилишини тушуниш қийин;
  • Аутистлар турли хил ижтимоий вазиятлар ҳақида жуда кўп ташвишга тушади;
  • Улар дўстлар орттиришда қийналади ёки ёлғиз бўлишни афзал кўради;
  • Бундай одам бошқаларга қўпол ёки бефарқ кўринади;
  • Нимани ҳис қилаётганини айтишга қийналади;
  • Улар ибора ва вазиятларни ўз маъносида, сўзма-сўз тушунади (бу нарса кинояни тушунмаслигига олиб келади);
  • Аутистлар айнан бир нарсани ҳар куни қилади, бирор нарса ўзгарса, жуда хавотирга тушади.

Вентворт Миллер ўз мурожаатида Буюк Британияда катталарга аутизм ташхиси қўйиш жараёнини танқид қилиб, кўплаб камчиликлари бўлган бу узоқ жараённи такомиллаштириш кераклигини таъкидлади. Бироқ у ташхиснинг ўзи «кўпчилик фойдаланмайдиган имтиёз» эканлигини тан олди ва бу масала бўйича мутахассис бўлиш учун аутизм ҳақида етарли маълумотга эга эмаслигини қўшимча қилди. Келажакда Миллер ўз билимларини кенгайтириб, «салкам эллик йиллик тажрибасига» янгича назар ташлаш ниятида.

Киритилди: 07:00 02.08.2021. Ўқилди: 6431 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!