2026 йил 8 июнь куни Самарқанд шаҳридаги дунёнинг энг таъсирчан ва тарихий майдонларидан бири — Регистон майдонида машҳур америкалик хонанда, қўшиқ муаллифи ва нуфузли мусиқий мукофотлар соҳиби Жон Ледженднинг концерти бўлиб ўтади.
Ушбу тадбир Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан мамлакатнинг йирик маданий ва туристик тадбирлар учун жаҳон миқёсидаги майдон сифатидаги нуфузини мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилаётган халқаро лойиҳаларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.
Жон Ледженд ижодига хос бўлган муҳаббат, тинчлик ва ўзаро англашув ғоялари Самарқанднинг бетакрор меъморий ёдгорликлари бағрида янада ўзига хос янграйди. Регистон майдонидаги концерт нафақат ёрқин мусиқий байрам, балки тарихий мерос ва замонавий жаҳон маданияти ўртасидаги мулоқот рамзига айланади.
Тадбир меҳмонлари учун қулайлик яратиш мақсадида ташкилотчилар ва Uzbekistan Airways ҳамкорлигида Тошкент — Самарқанд — Тошкент йўналиши бўйича қўшимча авиақатнов ташкил этилган. Самарқандга етиб келиш вақти 11:55 этиб белгиланган бўлса, концерт якунланганидан сўнг Тошкентга қайтувчи рейс соат 01:00 да амалга оширилади.