Сўнгги пайтларда кўплаб одамлар интернет магазинлар, техникалар дўкони ёки бошқа хизматлар орқали “муддатли тўлов”, яъни “ҳозир ол, кейин бўлиб-бўлиб тўла” хизматидан фойдаланяпти. Бу тизимга BNPL (Buy Now, Pay Later) дейилади.
Мисол учун: Фаррух телевизор сотиб олмоқчи. Бу телевизор 6 миллион сўм туради. Уда ҳозирча шунча пул йўқ. Дўкон BNPL хизмати таклиф қилади – телевизорни ҳозир олади, лекин 6 ой давомида ҳар ой 1 миллион сўмдан бўлиб тўлайди.
Бу Фаррух учун қулай, лекин у бошқа дўкондан телефон, кийим-кечак ҳам BNPL орқали олса, ҳар ой катта миқдорда тўлов қилиши керак бўлади. Агар бу миқдор ойлик даромадидан кўп бўлса – у қийналиб қолиши мумкин. Бу – “қарз юки” деб аталади.
– Бу BNPL хизмати жуда тез ривожланяпти ва ҳозирда анча катта миқдорга етиб қолди.
– Лекин бу бозор ҳозирча ҳуқуқий тартибга солинмаган, яъни қоидалари йўқ.
– Шунинг учун бу хизмат орқали аҳоли ортиқча қарзга ботиб қолиши мумкин.
Бу ҳақда 2 май куни Халқаро валюта жамғармаси конференциясида регулятор бошқаруви раиси Тимур Ишметов маълум қилди, дея хабар бермоқда Spot мухбири.
Нима чора кўрилмоқда?
– Марказий банк BNPL хизматини кўрсатаётган компаниялар билан учрашувлар ўтказилган.
– Банкларга мижоз қандай тўловларга BNPL орқали мажбур бўлаётганини ҳисобга олинг, деб тавсия қилинмоқда.
– Энг муҳими, бу бозорни энди расман тартибга солиш ишлари бошланади.
❓Яъни, энди нима бўлади?
BNPL компанияларига муайян талаблар қўйилади – масалан, фоизни очиқ кўрсатиш, шартномаларни шаффоф қилиш.
Банклар BNPL орқали олинган мажбуриятларни ҳам қарз сифатида ҳисобга олади. Аҳолининг ортиқча қарзга ботмаслиги учун назорат кучайтирилади.
“Ҳозир ол, кейин тўла” хизмати жуда қулай, лекин у орқали кўп нарса сотиб олган одам ҳатто билмаган ҳолда катта қарзга тушиб қолиши мумкин. Шунинг учун бу хизматни энди Марказий банк қонунан назорат қилишни бошламоқда.