Ўзбекистон ваколатли органлари Украинага қарши урушда иштирок этиш учун Россия Қуролли кучлари билан шартнома имзолаган 1110 нафар мамлакат фуқароси ҳақидаги маълумотларни текширишни бошлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхонов маълум қилди.
ТИВ матбуот котиби юқорида қайд этилган фуқароларнинг жанговар ҳаракатларда иштирок этгани ҳақидаги маълумотлар тасдиқланса, уларнинг ватанга қайтиши қандай оқибатларга олиб келиши ҳақидаги саволга қуйидагича жавоб берди: «Мамлакатдан ташқарида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш республика қонунчилигида тақиқланган. Тегишли чоралар кўрилади».
Маълумот учун, чет элда урушда қатнашиш 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиш билан жазоланиши мумкин.