Бугун 4 май, 2025 йил, якшанба

O'ZB

Талабалик даври меҳнат стажига кирадими?

Талабалик даври меҳнат стажига кирадими?

Фуқароларнинг пенсия таъминотида иш стажи муҳим роль ўйнайди. Кўпчиликни қизиқтирадиган саволлардан бири – олий таълим муассасаларида ёки бошқа ўқув юртларида ўқиган давр иш стажига қўшиладими? Бу саволга амалдаги қонунчилик асосида жавоб берамиз.

Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунининг 37-моддасида пенсия учун ҳисобланадиган меҳнат фаолияти турлари санаб ўтилган. Ушбу модданинг “е” бандига мувофиқ, қуйидаги муассасалардаги кундузги (тўлиқ вақтли) ўқиш даври, шу жумладан чет элдаги ўқиш ҳам иш стажига қўшилиши мумкин:

— Олий таълим муассасалари;

— Аспирантура;

— Стажёр-тадқиқотчи-изланувчилар институти;

— Катта илмий ходим-изланувчилар институти;

— Таянч докторантура;

— Докторантура;

— Клиник ординатура.

Аммо бу ерда муҳим шарт мавжуд. Ўқиш даври фақатгина умумий иш стажи камида 7 йил бўлган тақдирдагина иш стажига қўшиб ҳисобланади. Бунда умумий иш стажи деганда, шахснинг ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқи (эркаклар учун 60 ёш, аёллар учун 55 ёш) пайдо бўлгунга қадар бўлган, ўқишдан ташқари меҳнат фаолияти даври назарда тутилади.

Масалан, агар сиз пенсия ёшига қадар камида 7 йил ишлаган бўлсангиз, олий таълим муассасасидаги 4 йиллик кундузги ўқиш даврингиз ҳам шу 7 йиллик стажга қўшилиб, умумий 11 йиллик иш стажингиз мавжуд деб ҳисобланади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, олий таълим муассасасида ёки юқорида санаб ўтилган бошқа ўқув юртларида ўқиган даврингиз фақатгина пенсияга чиқишда, яъни пенсия миқдорини ҳисоблашда ҳисобга олинади. Ишга кириш вақтида иш берувчи томонидан сўраладиган меҳнат стажида эса ўқиш даври, қоидага кўра, иш стажи сифатида ҳисобланмайди.

Хулоса қилиб айтганда, ўқиш даври пенсия учун иш стажига қўшилиши мумкин, аммо бунинг учун қонунда белгиланган қўшимча иш стажи талаби мавжуд ва бу қоида фақат пенсия таъминотига тааллуқлидир.

Киритилди: 08:30 03.05.2025. Ўқилди: 1072 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!