Полшада юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Норвегиянинг энг бадавлат фуқароларидан бири, балиқчилик саноати магнати Вигнер Линдал Олсен ҳалок бўлди, деб хабар беради RMF FM.
Қайд этилишича, авария Гура-Калвария ва Кобел аҳоли пунктлари ўртасидаги 50-сонли трассада содир бўлган. Ичида 42 ёшли бизнесмен бўлган Jaguar автомобили номаълум сабабларга кўра, дарахтга урилган.
Вигнер Линдал Олсен 1972 йилда отаси томонидан асос солинган Nova Sea компаниясига эгалик қилиб келарди. Компания лосос балиғини етиштириш ва қайта ишлашга ихтисослашган. 2025 йил бошида Олсен Nova Sea’ни лосос етиштирадиган дунёдаги энг катта компания — Норвегиянинг Mowi концернига қарийб 750 миллион долларга сотган эди.