2021 йилдан буён Бухорода араб тилидан дарс бериб келган Шерзод Жўраев Пешку тумани суди томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс (МЖТК)нинг 94-241ва 34-моддалари (ноқонуний диний таълим бериш)да айбли деб топилиб, 7 суткага қамалди.
Бундан ташқари унга 1 млн 875 минг сўм миқдорида жарима жазоси ҳам тайинланган.
Шерзод Жўраев "Азон Глобал"га Ўзбекистон республикаси қонунларида белгиланган ҳужжатлар асосида талабаларга араб тилидан дарс бериб келганини, ҳеч қандай "Қуръон курси" очмаганини билдирди.
Маълумот учун, Шерзод Жўраев 2021-2023 йиллар оралиғида Бухоро вилояти масжидларидан бирида имом ноиби сифатида фаолият юритган.
2023 йилда унинг Бухоро Тиббиёт институтида ҳижоби сабаб босимга учраётган жияни ҳуқуқини талаб қилиб, ўқув муассасасига боргани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб, кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлганди. Шундан сўнг у масжиддаги ишидан олинганини айтган.