Марказий банк регулятор матбуот хизматининг маълум қилишича, банк истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, молиявий хизматлар бозорида адолат ва шаффофликни таъминлаш мақсадида кредит ташкилотлари, шу жумладан, банкларга хат юборди.
Хатда қайд этилишича, бугунги кунда молиявий хизматлар бозорида кредит ташкилотлари ва истеъмолчилар ўртасидаги муносабатларда мувозанатнинг бузилишига олиб келаётган ҳолатлар кузатилган.
Хусусан, айрим кредит ташкилотлари фаолиятида истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига путур етказилиши, адолат ва шаффофлик тамойилларига зид бўлган инсофсиз муносабатларнинг юзага келиши натижасида истеъмолчиларнинг моддий жиҳатдан зарар кўриши билан бир қаторда банк-молия секторига бўлган ишончнинг пасайишига сабаб бўлмоқда.
Шунингдек, истеъмолчиларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг банк-молия тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш мақсадида Марказий банк кредит ташкилотларининг эътиборини истеъмолчилар билан муносабатларда инсофсиз амалиёт сифатида баҳоланадиган хатти-ҳаракатларга йўл қўйилмаслигига қаратиши таъкидланган.
Марказий банк хатига кўра, кредит ташкилотлари томонидан чакана молиявий хизматлар кўрсатилишида инсофсиз амалиётлар сирасига адолат ва ҳалоллик тамойилларига зид келувчи ва қуйидаги амалиётлар кириши қайд этилган.
Кредит шартномаларига истеъмолчи манфаатларига путур етказадиган, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ўртасида сезиларли номутаносибликни келтириб чиқарувчи адолатсиз шартларнинг киритилиши, шартномаларда истеъмолчиларни чалғитувчи шартлардан фойдаланиб, уларнинг ҳуқуқлари, жумладан шартнома шартларига эътироз билдириш ҳуқуқи чекланганлиги тўғрисида нотўғри тасаввур уйғотиш, истеъмолчини белгиланган тартибда хабардор қилмасдан ва розилигини олмасдан шартноманинг муҳим шартларини (фоиз ставкалари, тўлов муддатлари ва бошқалар) бир томонлама ўзгартириш қайд этилган.
Шунингдек, кредитга лаёқатлиликни баҳолаш бўйича истеъмолчига кредит ажратишни рад этиш сабабларини аниқ тушунтириб беришга имкон бермайдиган мураккаб алгоритмлардан фойдаланиш, истеъмолчиларга бевосита ёки билвосита, шу жумладан, ноаниқ ёки бўрттириб кўрсатиш орқали уларни чалғитиши мумкин бўлган ахборот тақдим этиш кўзда тутилган.
Истеъмолчи томонидан битим бўйича пухта ўйланган қарор қабул қилиш учун зарур бўлган ахборотни тақдим этмаслик каби амалиётлар келтирилган.
Шу билан бирга, шартномага истеъмолчи зиммасига қонунчиликда назарда тутилмаган мажбуриятларни юклайдиган, шу жумладан кредит шартномаларида мижоз бажаришининг имкони бўлмайдиган ёки мижознинг ҳуқуқларини бузадиган "ковенант" ва "муҳим шартлар" киритилиши, реклама тўғрисидаги ахборотларда банк томонидан тақдим этиладиган кредитнинг (микроқарзнинг) фоиз ставкаси "Х фоиздан" бошланади деб, энг юқори ставкаси ва уларни белгилаш тартибини кўрсатмаслик киритилган.
Қолаверса, қарз олувчиларнинг кредит аризасида сўралган кредит миқдоридан кўп бўлган суммани таклиф этган ҳолда, уларни кўпроқ кредит маблағи олишга ундаш кўзда тутилган.
Банклар кредит картанинг имтиёзли (фоизсиз) давр ҳақидаги шарти ҳаққонийлигини таъминламасдан, шаффофлик ва адолатлилик тамойилларига риоя қилмаган ҳолда, ўз мобил иловаларида кредит карта бўйича қарздорликни имтиёзли давр мобайнида сўндирганлик учун истеъмолчиларга тўловлар жорий этиши назарда тутилган.
Кредит бўйича тўловларни кредитни қайтариш жадвалида белгиланган календарь куни келмасдан қарздор (кафил)нинг банк картасидан олдиндан ундириб олиниши қайд этилган.