"Ҳар бир болага меҳр ва эътибор" номли акция доирасида Марғилон шаҳридаги муҳташам “Ош маркази” мажмуасида Фарғона вилоятининг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи болаларнинг тўйи ўтказилди.
Хусусий тадбиркор Аъзамжон Аҳмаджонов бошчилигидаги “Марғилон саховати” гуруҳи аъзолари томонидан ўтказилган саҳоват тадбири кўпчиликка қувонч улашди.
— Бир эмас икки нафар жондан азиз дилбандларимнинг тўйи ўтказилди. Фарзандларим отасининг автоҳалокат сабабли юриш имконияти чекланган, ўзимнинг кунлик ишлаб топаётган маблағим рўзғор тебратишга базўр етади. Тўй ўтказишни-ку хаёлимизга ҳам келтиролмасдик... Орзуларимизни рўёбга чиқаришда яқиндан ёрдам берган, ўғилларимни кўзларига қувонч улашган ташкилотчиларга минг раҳмат. — дейди қўштепалик Муаззамхон Ортиқова.
Шунингдек, хайрия тадбири давомида қўштепалик Зиёвуддин ва Сирдарё вилоятилик Хайринисохонларнинг никоҳ тўйлари ҳам ҳомийлар томонидан ўтказиб берилди. Пойтахтдан ташриф буюрган эл ардоғидаги соҳирнафас санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар тадбир иштирокчиларига кўтаринки кайфият улашди, дея хабар бермоқда Марғилон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати.