Хитой Халқ Республикаси раиси Си Сзинпин Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовга мактуб йўллаб, икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаган.
Мактубда Хитой томони Туркманистон билан дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ва турли соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр экани билдирилган. Шунингдек, Сзинпин Бердимуҳамедовнинг таклифини қабул қилгани ва Туркманистонга боришга тайёрлигини билдирган.
"Мен Хитой ва Туркманистон ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришга катта аҳамият бераман ва Сиз билан яқин амалий алоқаларни давом эттиришни истайман. Таклифингиз учун ташаккур билдираман ва икки томон учун ҳам қулай вақтда Туркманистонга ташриф буюришга тайёрман. Икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари бу масала бўйича яқин алоқада бўлиши мумкин," - деди Си Сзинпин
Шунингдек, у Туркманистон раҳбарининг икки томонлама муносабатларни ривожлантириш ва давлатлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.
ХХР раҳбари Туркманистон билан ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини чуқурлаштиришга алоҳида аҳамият беришини таъкидлади. Бундан ташқари, у бир қатор йирик қўшма лойиҳаларни тилга олди ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини тасдиқлади.