Бугун 31 октябрь, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Маъмурий жазолар бекор қилинди

Маъмурий жазолар бекор қилинди

Фермер хўжалиги раҳбари Ш.У. Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани адлия бўлимига солиқ органининг ўзига нисбатан чиқарилган 4 та маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қароридан норози эканлигини билдириб мурожаат қилди.

Фермер хўжалиги фаолияти давомида қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўловчиси ҳисобланмаса-да, солиқ органи томонидан 37,3 га суғориладиган ер майдонига эга эканлиги, ушбу ер майдонининг 25 га ёки ундан кўпроғи мавжуд бўлган тақдирда автоматик равишда ҚҚС тўловчиси бўлиши кераклиги таъкидланиб, ҳисоботлар тақдим этилмагани учун мазкур қарорлар қабул қилинган. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 462- моддаси 17 қисмида кўрсатилишича, қишлоқ хўжалиги товарларини ишлаб чиқарувчи юридик шахсларда йигирма беш гектар ва ундан ортиқ суғориладиган қишлоқ хўжалиги экинлари мавжуд бўлган тақдирда, улар кўрсатилган ер участкасига бўлган ҳуқуқни ёки ушбу ер участкасининг майдони ўзгарганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар расмийлаштирилган санадан бошлаб қўшилган қиймат солиғини ва фойда солиғини тўлашга ўтади.

– Лекин аниқланишича, Ш.У.нинг фермер хўжалигига фақат 5,1 га экин майдони тегишли бўлиб, қолган 32,2 га ер майдони бир неча йиллардан буён сув етиб бормаганлиги сабабли фойдаланишдан чиқиб кетган, – дейди Беруний тумани адлия бўлими бошлиғи, I даражали юрист Салтанат Раимбекова. – Бу Беруний тумани ҳокимининг 2024 йил 19 февралдаги тегишли қарори, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ишчи гуруҳининг хулосаси билан ўз тасдиғини топган.

Адлия бўлими томонидан “Ҳуқуқий кўмак дарчаси” лойиҳаси доирасида шикоят ариза лойиҳаси тайёрлаб берилиб, жиноят ишлари бўйича Беруний туман судининг тегишли қарори билан солиқ органининг фермер хўжалиги раҳбари Ш.У. га нисбатан чиқарилган 4 та маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарори бекор қилинди. Мазкур қарор фермер хўжалиги раҳбарига қўлланилган ноқонуний маъмурий жазоларни бекор қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади. Бу орқали қишлоқ хўжалиги билан шуғулланувчи тадбиркорларнинг фаолияти янада адолатли ва қонуний асосларга таянган ҳолда амалга оширилишига ишонч ҳосил қилади.

Киритилди: 14:34 13.07.2024. Ўқилди: 1242 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!