Ижтимоий тармоқлар орқали мактабларда анъанавий (қоғоз) кундаликлар, синф журналлари жорий этилаётганлигига доир тарқалаётган хабарлар ҳуқуқий асосга эга эмас.
Давлатимиз раҳбарининг 2018-йил 5-сентябрдаги 3931-сонли қарори ҳамда 2019-йил 29-апрелдаги 5712-сонли Фармонига асосан айни вақтда мамлакатимиздаги мавжуд барча умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг давомати ва фанларни ўзлаштириш баҳолари eMaktab электрон журнал тизими орқали амалга оширилиб келинмоқда.
Бундан кўзланган мақсад, ўқитувчилардаги иш юкламасини камайтириш, ўқув жараёнини ташкил этишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишдан иборат. Ушбу жараён халқаро тажрибада ҳам ўзини оқлаган.
Мазкур тизим жорий этилиши натижасида ота-оналарнинг ўз фарзандларининг дарсларни ўзлаштириш даражасини масофавий кузатиш имконияти яратилиб, ўқувчиларни баҳолашда шаффофлик таъминланиб келинмоқда. Шунингдек, педагоглар фаолиятига доир турли қоғозбозликларнинг камайишига эришилди.
Шу ўринда, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан мамлакатимиз мактабларига анъанавий кундалик ва синф журналларига қайтиш бўйича топшириқ берилмаганлигини маълум қилиб, юртимизда амалга оширилаётган рақамлаштириш жараёнлари ортга қайтмас тус олганлигини алоҳида таъкидлаб ўтамиз.