Давлат олий таълим муассасаларининг магистратура мутахассисликларига қабул қилиш учун ҳужжатларни рўйхатдан ўтказиш бўйича magistr.edu.uz веб-платформасида аризани бекор қилиш функцияси ишга туширилди.
Талабгорлар аризани "Менинг аризаларим" бўлимидан кўрсатилган тугма орқали бекор қилиши мумкин. Аризани тўлдириб тасдиқлаганингиздан сўнг ариза «Тасдиқланди» статусига ўтказилади. Бунда:
- Танлаган мутахассислигингиз бўйича тегишли олий таълим муассассасига юборилади. Таълим муассасаси танлаган мутахассислигингизни турдош йўналиш гуруҳига мослигини текширади. Шундан сўнг Республикадаги сиз бакалавриатни тугатган олий таълим муассасасига диплом маълумотларини тасдиқлаш учун юборади;
- Диплом берган таълим муассасаси сиз томонингиздан киритилган диплом серияси ва рақамини текширади ҳамда диплом иловасидаги ўртача балини киритиб тасдиқлайди.
- Шундан сўнг ариза "Қабул қилинди" статусига ўтказилади ва сиз имтиҳонда иштирок этишингиз мумкин бўлади.