Бразилиянинг амалдаги президенти Луис Инасиу Лула да Силва овозларни ҳисоблаб чиқиш якунларига кўра давлат раҳбари сайловининг иккинчи босқичида ғалаба қозонди. Олий сайлов суди (TSE) маълумотларига кўра, у 51,8 фоиз овоз тўплади, унинг рақиби — ўнг қанот сиёсатчиси ва сенатор Флавиу Болсонару эса 48,2 фоиз овоз олди.
Сайловда эришилган бу муваффақият 81 ёшли Лула да Силва учун тарихий ҳодиса бўлди — у ўз фаолиятида тўртинчи маротаба Бразилия президенти лавозимини эгаллайди. Шу билан бирга, у Бразилия замонавий тарихида сайловнинг биринчи босқичида имкониятни бой бериб, иккинчи босқичда ғалабани қўлга киритган биринчи номзодга айланди.
Амалдаги президентни ғалаба билан Куба, Мексика, Уругвай ва Боливия етакчилари табриклади. Ўз навбатида, Флавиу Болсонару сайлов натижаларини тан олишдан бош тортди ва овоз бериш муддати икки соатга узайтирилганига норозилик билдириб, натижаларни бекор қилишга эришиш ниятида эканини маълум қилди.
Лула да Силва ўз чиқишида демократия ғалаба қозонганини таъкидлаб, мамлакат суверенитетини ҳимоя қилиш ва ижтимоий тенгсизликка қарши курашиш бўйича ўз курсини давом эттиришини билдирди.