Лукашенкога қарзларни тўлаш муддати узайтирилди.
Давлат Думаси сешанба куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда Минскка давлат кредитларини тўлаш муддатини кечиктириш тўғрисидаги Россия ва Беларус ўртасидаги ҳукуматлараро битимни ратификация қилди.
"БелТА" хабарига кўра, Беларуснинг Кремль олдидаги қарзи бўйича тўловлар ҳужжатга мувофиқ 2031-36 йилларга, яъни 7-12 йилга кўчирилади.
Умуман олганда, келишувга Беларуснинг 800 миллион долларга яқин қарзи киради, деди Россия молия вазири ўринбосари Владимир Количев. Тўловларни кечиктириш тўғрисидаги қарор президент Владимир Путиннинг топшириғига биноан қабул қилинган ва "Беларус Республикаси бюджетига тўлов юкини камайтириш" зарурати билан боғлиқ, дея қўшимча қилди у.
Россия ва Беларус ўртасида тўловларни кўчириш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим 2024 йил апрель ойида имзоланган ва июль ойида унга ўзгартиришлар киритилиб, алоҳида баённома билан мустаҳкамланган. Шу билан бирга, иккала ҳужжат ҳам махфийлаштирилган, деди Давлат думасининг МДҲ ишлари бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Артём Туров.
"Келишув ва протокол қоидалари махфий ҳисобланади," - деди у.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2023 йил бошида Беларус Россиянинг энг йирик қарздори бўлган: унга Кремль томонидан берилган давлатлараро кредитлар бўйича 8,2 миллиард доллар тўғри келган. Бу хорижий давлатларнинг Россия олдидаги умумий қарзининг чорак қисмидан кўпроғи бўлиб, Жаҳон банки уни 28,9 миллиард долларга баҳолаган. Шунингдек, Кремлнинг йирик қарздорлари рўйхатида Бангладеш ($5,9 млрд), Ҳиндистон ($3,8 млрд), Миср ($1,8 млрд) ва Ветнам ($1,4 млрд) бор.