"Ливерпуль" ўз майдонида Премьер-лиганинг 34-турида "Тоттенхэм"ни тор-мор этди - 5:1.
Мезбонлар сафида Луис Диас, Алексис Макаллистер, Коди Гакпо ва Муҳаммад Салоҳ ўз ҳисобига гол ёздириб қўйган бўлса, яна бир голни меҳмонлар ҳимоячиси Дестини Удожи ўз дарвозасига жойлаб қўйди. "Тоттенхэм"нинг ягона голига Доминик Соланке муаллифлик қилди.
"Ливерпуль" ушбу ғалаба эвазига муддатидан аввал Англия чемпионлигини қўлга киритди - 2024/25. Жамоа 82 очко билан 1-ўринда бормоқда - 2-ўриндаги "Арсенал" (67) мерсисайдликларга етиб олиш имкониятидан маҳрум бўлди.
"Ливерпуль" ўз тарихида 20-марта чемпионликни қўлга киритди ва бу борада "Манчестер Юнайтед" билан тенглашиб олди. Эндиликда бу клублар чемпионлик бўйича рекордни бўлишиб турибди.
"Тоттенхэм" Англия чемпионати 2024/25 турнир жадвалида 37 очко билан 16-ўринда бормоқда.