Литвада мамлакат ҳаво ҳудудида Беларусь томонидан контрабандачиларга тегишли ҳаво шарлари пайдо бўлгани тахмин қилингани сабабли Вильнюс ва Каунас халқаро аэропортлари фаолияти вақтинча чекланди.
Литванинг LRT жамоатчилик телерадиокомпанияси хабар беришича, бу ҳақда «Литва аэропортлари» (Lietuvos oro uostai) давлат компанияси маълум қилган.
Компания маълумотларига кўра, чекловлар Беларусь томонидан чегарани кесиб ўтган ва Вильнюс ҳамда Каунас аэропортлари томон ҳаракатланган бўлиши мумкин бўлган контрабандачиларнинг ҳаво шарлари билан боғлиқ навигация сигналлари аниқланганидан сўнг жорий этилган.
Хавфсизлик нуқтаи назаридан самолётларнинг қўниши вақтинча тўхтатилган, бироқ ҳаво кемаларининг учиб кетиши давом этган.
Бундан ташқари, Вильнюс ва Утена округларида ҳаво ҳудудидаги хавф бўйича огоҳлантириш эълон қилинган.
Тахминан икки соат ўтгач, огоҳлантириш бекор қилинди ва шундан сўнг ҳар икки аэропорт одатий тартибда ишлашни қайта тиклади.