Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Киевнинг АҚШ музокарачилари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер тақдим этган таклифлар ҳақидаги баёнотларини «асоссиз тахминлар» деб атади.
Россиялик вазир Уиткофф ва Кушнер «Москвага олиб келган, кейин эса Киевга етказган» таклифларни изоҳлашдан бош тортди.
Лавровнинг айтишича, Россия дипломатик анъанаси жамоатчиликка ошкор этишга қарор қилинган маълумотлар билангина чекланишни тақозо қилади.
Унинг таъкидлашича, Москвада америкалик музокарачилар билан ўтказилган муҳокамалар Доналд Трампнинг Украина бўйича позициясига асосланган. Бу позиция Украинага НАТО аъзолигини таклиф қилмаслик ва жойлардаги реал вазиятни тан олишни ўз ичига олади.
Лавров АҚШ Украинадаги можарони тартибга солишнинг асосий тамойилларини тан олаётгани ва шу йўналишда фойдали бўлишга ҳаракат қилаётганини айтди. Унинг фикрича, бундай саъй-ҳаракатлар қўллаб-қувватлашга лойиқ.
«Америкаликлар Россия билан Украина масаласини муҳокама қилганда, жойлардаги реал вазиятдан келиб чиқмоқда. Шу боис Москва мулоқотни давом эттиришга тайёр», — деди Лавров.
Аввалроқ Украина оммавий ахборот воситалари АҚШ делегацияси тақдим этгани айтилаётган тинчлик режасининг тафсилотларини эълон қилган эди.
Ушбу хабарларга кўра, режада Украина Қуролли кучларини Донбасс ва Запорожье ҳудудларидан олиб чиқиш, у ерларга БМТ контингентини жойлаштириш, Киевнинг мазкур ҳудудларни куч билан қайтариб олиш уринишларидан воз кечиши ҳамда Украинанинг НАТО ва бошқа ҳарбий иттифоқларга аъзолигини истисно этувчи бетараф мақоми кўзда тутилган.
Шунингдек, ҳужжатда Украинада сайлов ва референдум ўтказиш, конституцияга ўзгартириш киритиш, Қуролли кучлар сонини чеклаш ҳамда тил масалалари бўйича келишувга эришиш бандлари борлиги айтилмоқда.
Бироқ тинчлик режасининг ушбу бандлари ҳозирча расман эълон қилинмаган ва тасдиқланмаган.