Бу ҳақда DW хабар бермоқда.
Нашрнинг хабар беришича, мамлакат пойтахти Ригада Латвиянинг Аёлларни ҳимоя қилиш бўйича Истанбул конвенциясидан чиқишига қарши беш минг кишилик намойиш ўтказилган. Бу сўнгги йилларда Латвияда бўлиб ўтган энг йирик намойишлардан бири бўлди.
Латвия полициясига кўра, намойишчилар Сейм (мамлакат парламенти) олдидаги майдонда оилавий зўравонликка қарши шиорлар, шунингдек, депутатларни популизм ва “зўравонларни яширишда” айблаш сўзлари битилган баннерлар кўтариб чиққан. Баъзи намойишчилар Латвия ҳукуматини “Россияга тақлид қилишда” айблашди, чунки Москва Европа Кенгаши томонидан 2011 йилда ишлаб чиқилган конвенцияни имзоламаган эди.
Маълумот учун, Истанбул конвенцияси аёлларга нисбатан зўравонликни “инсон ҳуқуқларини бузиш” деб баҳолайди. Ҳужжатни Европанинг 38 давлати, шунингдек, Грузия ҳам имзолаган. Латвиядаги конвенция мухолифлари уни “анъанавий оилавий қадриятларга зид” деб ҳисоблашади. Агар қонун лойиҳаси қабул қилинса, Латвия Европа Иттифоқининг конвенциядан чиқадиган биринчи давлатига айланади. Латвия парламенти қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади. Ҳал қилувчи иккинчи овоз бериш бугун, 30 октябрга белгиланган.