"Реал" Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи 1-турида "Ал-Ҳилол" билан дуранг ўйнади - 1:1.
Учрашувнинг 34-дақиқасида "қаймоқранглилар" форварди Гонсало Гарсия ҳисобни очди. Саудияликлар 7 дақиқадан сўнг жавоб голини киритишди, пенальтини Рубен Невеш аниқ амалга оширди.
Якунда "Реал"га ғалабани Федерико Вальверде олиб келиши мумкин эди, аммо у пенальтини аниқ амалга ошира олмади - уругвайлик футболчининг зарбасини "Ал-Ҳилол" дарвозабони Яссин Буну қайтарди.
"Реал" жамоанинг янги бош мураббийи Хаби Алонсо қўл остида илк ўйинини ўтказди. Шунингдек, ҳимоячилар Дин Хейсен ва Трент Александр-Арнольд ҳам жамоа сафида дебют қилишди.
Клублар ўртасидаги ЖЧ-2025нинг навбатдаги ўйинида мадридликлар Мексиканинг "Пачука" жамоасига қарши майдонга тушади. "Ал-Ҳилол" 23 июнь куни Австриянинг "Зальцбург" клубига қарши майдонга тушади.