2026 йил 28 июль куни Коррупцияга қарши курашиш агентлигида жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига бағишланган жамоатчилик эшитуви ҳамда Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда коррупциянинг олдини олиш, давлат бошқарувида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича амалга оширилган ишлар ва келгуси устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Маълум қилинишича, 2026 йилда соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида 5 та муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Улар билан коррупцияга оид жиноятларнинг аниқ рўйхати белгиланди, коррупцияга оид жиноят содир этган шахсларнинг электрон реестри, коррупциявий хавф-хатарлар харитаси ва такомиллаштирилган комплаенс-назорат тизими жорий этилди.
Шунингдек, ҳукумат аъзолари ва ҳокимликка номзодларнинг коррупцияга қарши курашиш режасини депутатлар олдида тақдим этиш амалиёти йўлга қўйилди. Йирик инвестиция лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш тартиби ҳам белгиланди.
Ҳисобот даврида давлат органлари ва ташкилотларининг ички назорат бўлинмалари томонидан 19 минг 709 та ўрганиш ва мониторинг ўтказилиб, натижада 1 триллион 886 миллиард сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланди. Шундан 264,7 миллиард сўмлик қонунбузилишлар бартараф этилди, 587,8 миллиард сўм маблағнинг мақсадсиз сарфланишининг олди олинди.
«Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси» платформаси орқали 28 минг 318 нафар давлат хизматчиси ўқитилди.
Йиғилишда манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузган 127 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, судларга юборилгани маълум қилинди.
Шунингдек, қиймати 350 млрд сўмлик 92 та давлат харидларида аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари аниқланиб, улар юзасидан вазирлик ва идораларга 46 та (210,1 млрд сўмлик) тақдимнома киритилди. Мазкур ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга 45 та тўпланган материал юборилди.
185 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилиб, уларда 255 та коррупциявий омил аниқланди ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга таклифлар киритилди.
Ҳисобот даврида “E-qaror” тизимида “яширилган” мақомда қабул қилинган жами 24 241 та қарор ва фармойиш ўрганилди. Натижада уларнинг 648 таси асоссиз равишда “яширилган” мақомда қабул қилингани аниқланди ҳамда мазкур қарорларни очиқлаш юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларига 42 та тақдимнома киритилди.
Тадбирда халқаро ҳамкорлик доирасида Transparency International билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг Миллий ҳалоллик тизимини баҳолаш ҳисоботи эълон қилингани, Европа Иттифоқи ва БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда «LISA — маҳаллий ҳалоллик тизими» лойиҳаси амалга оширилгани қайд этилди.
Шунингдек, 2027 йилда БМТнинг Коррупцияга қарши курашиш конвенцияси иштирокчи давлатларининг 12-конференцияси Ўзбекистонда ўтказилиши ҳақидаги тарихий қарор ҳам алоҳида эътироф этилди.
Йиғилиш якунида Агентлик ва Жамоатчилик кенгашининг 2026 йил иккинчи ярим йиллиги учун белгиланган устувор вазифалари юзасидан ахборот берилди.