Бугун 16 июнь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Корпоратив бошқарувнинг янги даври: Ўзбекистон инвесторларга қандай имкониятларни таклиф қилмоқда?

Корпоратив бошқарувнинг янги даври: Ўзбекистон инвесторларга қандай имкониятларни таклиф қилмоқда?

16 июнь куни V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида “Корпоратив бошқарувнинг келажаги” мавзусидаги панель сессияси бўлиб ўтди. Унда халқаро молия институтлари, консалтинг компаниялари ва йирик инвесторлар вакиллари иштирок этиб, корпоратив бошқарувнинг инвестицияларни жалб қилишдаги аҳамиятини муҳокама қилди.

Тадбир иштирокчилари корпоратив бошқарув эндиликда оддий ҳисобот ва назорат тизими эмас, балки компания қийматини оширувчи ва стратегик сармояларни жалб қилувчи муҳим омилга айланганини таъкидладилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги раҳбари вазифасини бажарувчи Абдулла Абдуқодиров мамлакат инвесторларга бешта асосий устунликни таклиф қилаётганини қайд этди. Булар — сиёсий барқарорлик, қулай географик жойлашув, бой тарихий мерос, ривожланаётган инфратузилма ва кучли инсон капитали ҳисобланади.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон фақат ресурсларни арзон сотиб олиб, қисқа муддатли фойда олишни мақсад қилган сармоядорларга эмас, балки узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёр инвесторларга таянади. Айниқса, энергетика ва транспорт каби стратегик соҳаларда 30 йиллик кафолатланган шартномалар ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими инвесторларга барқарорлик ва ишонч тақдим этмоқда.

Rothschild & Co глобал раиси Ариэль Маллар де Ротшильд Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотлар ва сиёсий барқарорлик хорижий инвестициялар оқимини кучайтираётганини таъкидлади. Унинг фикрича, инвесторлар учун қарорлар сифати, жавобгарликнинг аниқлиги ва шаффоф бошқарув энг муҳим омиллар ҳисобланади.

McKinsey & Company компаниясининг катта ҳамкори Тарек Мансур эса замонавий корпоратив бошқарув нафақат хавфларни бошқариши, балки инқирозларни янги имкониятларга айлантира олиши кераклигини айтди. У буни Албаниядаги гидроэлектростанция мисолида тушунтириб, сув танқислиги муаммоси қуёш панеллари лойиҳаси орқали янги бизнес имкониятига айлантирилганини келтирди.

AVDO компанияси раҳбари Дмитрий Авдосьев эса корпоратив бошқарувнинг ҳақиқий вазифаси қоидаларга риоя қилиш эмас, балки натижага эришиш эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, компанияларда ходимлар “бу мумкинми?” деган савол ўрнига “бу компания учун тўғри қарорми?” деган ёндашувни шакллантириши лозим.

Сессия давомида кузатув кенгашларини халқаро стандартлар асосида шакллантириш, мустақил директорлар институтини ривожлантириш, молиявий шаффофликни кучайтириш ва компанияларни замонавий акциядорлик бошқаруви тизимига ўтказиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Тадбир иштирокчилари фикрича, корпоратив бошқарувни такомиллаштириш Ўзбекистоннинг халқаро инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва мамлакат иқтисодиётига узоқ муддатли сармояларни жалб қилишнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Киритилди: Бугун 16:11. Ўқилди: 150 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!