Ўзбекистонда Корея Республикасига ишга ёки ўқишга юборишни ваъда қилиб, фуқаролардан пул олган бир қатор шахслар қўлга олинди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда турли ҳудудларда фаолият юритган гумонланувчилар ашёвий далиллар билан ушланган.
Жумладан, Хўжайли туманида фуқаро А.Р. ўзининг юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали бир фуқарони 10 250 доллар эвазига Кореяга ишга жўнатишини айтган. У келишилган маблағнинг 5 минг долларини олган вақтда қўлга тушган.
Самарқанд вилоятида фуқаро Ж.Х. икки нафар фуқарога ишчи визаси расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, 12 минг доллар талаб қилган. У олдиндан 3 минг доллар олган вақтида ушланган.
Шунингдек, Андижоннинг Олтинкўл тумани, Сирдарё вилояти ва Навоий вилоятининг Конимех туманида ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар фош этилган.
Энг катта ҳолатлардан бири Фарғона вилоятида қайд этилди. Муқаддам судланган фуқаро Д.Р. 10 нафар фуқарони Кореяга иш ва ўқишга юбориш учун 55 минг доллар талаб қилиб, 4 минг доллар олган вақтида ушланган.
Терговга қадар текширувлар давомида мазкур шахснинг фаолияти янада кенг кўламли экани аниқланган. Маълум бўлишича, у яна 46 нафар фуқародан Кореяга юбориш баҳонасида жами 196 650 доллар маблағни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Фарғона вилоятидаги яна бир ҳолатда фуқаро А.Т. икки нафар фуқарони Кореяга ўқишга юбориш учун 9 600 доллар талаб қилган. Мазкур маблағнинг бир қисми олинган вақтда қонунбузарлик фош этилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.