ФИФА 2025 йилги клублар ўртасидаги янги жаҳон чемпионати учун совринлар жамғармасини эълон қилди.
Турнирда 32 иштирокчи клуб учун жами 1 миллиард доллар мукофот пули ажратилади. Бу ҳақда ФИФА расмий сайти хабар берди. Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг бу йилги ғолиби 125 миллион долларгача даромад ишлаб олиши мумкин.
Маълумотларга кўра, жами маблағдан спорт ютуқлари учун улуш 475, мусобақадаги иштирок учун эса 525 миллион долларни ташкил этади. УЕФА иштирокчилари энг кўп пул ишлаб олади. Бунда мукофот миқдори клубнинг рейтинги ва умумий даромадига боғлиқ бўлади. Кўҳна қитъа вакиллари энг камида 12,81 миллион доллардан 38,19 миллион долларгача бўлган миқдорда рағбатлантирилади. Жанубий Америка жамоалари эса бу борада бироз камроқ улушга эга (15,21– 9,55).
Ушбу турнирдан тушган барча даромадлар бевосита клуб футболига йўналтирилади. Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати 14 июндан 13 июлгача АҚШда бўлиб ўтади.
ФИФА ушбу турнирдан тушган пулларни ўзида сақлаб қолмайди ва ташкилотга аъзо 211 та ассоциация бўйлаб футболга узоқ муддатли сармоя киритади.