Калифорния шимолидаги дунёдаги энг йирик аккумулятор заводларидан бирида ёнғин келиб чиқди, 1500 га яқин одам эвакуация қилинди. Бу ҳақда Associated Press хабар бермоқда.
Мосс-Лэндинга ва Элкхорн-Слау ҳудуди аҳолиси уйларини тарк этишга мажбур бўлди.
Завод Сан-Франсискодан 124 километр жанубда жойлашган ва Техаснинг Vistra Energy компаниясига тегишли. Заводда ўн минглаб литий батареялари сақланади. Агар батареялар ёниб кетса, ёнғинни ўчириш ниҳоятда қийин бўлади, дейилади мақолада.
Ёнғинга нима сабаб бўлгани ҳозирча номаълум. Vistra матбуот баёнотида ёнғин аниқлангандан сўнг барча ишчилар хавфсиз эвакуация қилингани айтилади. Ёнғин ўчирилгач, тергов бошланади.
17 январь куни ёнғин сабабли атрофдаги барча мактаблар ва идоралар ёпилади, деб хабар беради report.az.