Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари жонли стриминг воситасидаги электрон харидлар бозорини таҳлил қилди.
Рақамли асрда жонли стриминг рақамли маркетинг ихтиёридаги самарали воситага айланиб, бизнес эгалари учун аудиторияни жалб қилиш, брендни кенгайтириш, бу орқали сотув ҳажмини оширишда ёрдам бермоқда.
Жонли стриминг қисқа муддатли чегирма купонларини таклиф қилиш орқали шошилинчлик туйғусини яратади ва қарор қабул қилиш жараёнини тезлаштиради. Натижада сотувчилар 30 фоизгача бўлган юқори конверсияга эришиши мумкин. Бу оддий электрон тижоратдан 10 баравар юқори.
Прогнозларга кўра, 2025-йилга бориб, глобал чакана электрон тижорат ҳажми 2022-йилдаги 5,71 трлн. АҚШ долларидан 7,4 трлн. долларга етади. Хитой тажрибасидан келиб чиқиб баҳоланса, 2026-йилда 8,15 трлн. АҚШ долларини ташкил қилувчи глобал чакана электрон тижоратнинг 10-20 фоизини жонли стриминг ташкил қилиши мумкин.