Ижтимоий тармоқларда “Жиззах вилоятида келин оилавий зўравонликка дучор бўлгани” ҳақида хабарлар кенг тарқалмоқда.
Жиззах вилояти ИИБнинг маълум қилишича, 2026 йил 6 сентябрь куни Шароф Рашидов тумани Қаҳрамон маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ф.М. иссиқ сув сепилиши оқибатида турли даражадаги куйиш жароҳатлари билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Жиззах филиалига ётқизилган.
Тиббий муассаса маълумотномасига кўра, фуқарога танасининг чап қўл елка соҳаси, чап оёқ сон соҳаси, ўнг оёқ тизза бўғими ва қориннинг қовуқ соҳасида 6–8 фоиз миқдоридаги 2–3А даражали куйиш жароҳатлари ташхиси қўйилган.
Мазкур ҳолат юзасидан тезкор-тергов гуруҳи тузилиб, воқеа жойи кўздан кечирилган ҳамда аниқланган ашёвий далиллар процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Шунингдек, жабрланувчи Ф.М.нинг тан жароҳатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган.
Ҳолат юзасидан 2026 йил 8 сентябрь куни Шароф Рашидов тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 109-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Айни вақтда мазкур жиноят иши ҳамда ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда акс этган ҳолатларни ҳар томонлама ва холисона ўрганишга қаратилган тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Тергов якунига кўра, ҳолатга қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқий баҳо берилади.