Жиззах вилоятида Cobalt йўлнинг белгиланган жойидан кесиб ўтаётган 13 ва 4 ёшли опа-сингилларни уриб кетди. Бу ҳақда вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, воқеа жорий йилнинг 18 ноябрь куни соат 19:30 ларда Бахмал тумани ҳудудидан ўтган “Ғаллаорол-Бахмал-Супа-Зомин” 4Р-41 йўлининг 29-километрида содир бўлган. Бахмал тумани “Қутлуғобод” МФЙ Калтатой қишлоғида яшовчи 1991 йилда туғилган А.О. Cobalt русумли автоуловини Ўсмат йўналиши бўйича бошқариб келаётиб, йўлнинг белгиланган жойидан кесиб ўтаётган вояга етмаган пиёдалар, 2011 йилда туғилган И.М. ва унинг синглиси 2020 йилда туғилган И.К.ларни уриб юбориб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.
Оқибатда опа-сингиллар турли тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида вафот этган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиззах вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан гумонланувчи О.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми “а” банди ва 117-модда (Хавф остида қолдириш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. У ҳозирда ушланган ва вақтинча сақлаш ҳибсхонага жойлаштирилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.