Россиянинг янгиланган ядровий доктринаси Украинанинг Ғарбнинг оддий ракеталаридан фойдаланишига ядровий жавоб беришга имкон беради. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
Песковнинг тушунтиришича, ядровий тўхтатиб туриш Россия ёки унинг иттифоқчиларига ҳужум қилинган тақдирда ўч олишни кафолатлашга қаратилган. Унинг таъкидлашича, доктрина оддий қуроллардан фойдаланган ҳолда тажовуз қилиш Россия ва Беларуснинг ҳудудий яхлитлиги ёки суверенитетига жиддий таҳдид солиши мумкин бўлган вазиятларни қамраб олади.
Россия ҳарбийлари АҚШ томонидан Курск вилоятига ҳужумлар учун ишлатилиши кутилаётган ATACMS ракеталарини етказиб бериш ҳақидаги хабарларга алоҳида эътибор қаратмоқда. Песков вазият диққат билан кузатилаётганини таъкидлади.
«Ядро давлати иштирокида ёки кўмагида ҳар қандай ядрога эга бўлмаган давлат томонидан Россия Федерациясига тажовуз қилиш уларнинг биргаликдаги ҳужуми ҳисобланади. Бу ҳам жуда муҳим параграф», — деди Песков.
Айни пайтда, бир кун аввал АҚШ Давлат котибининг Ғарбий яримшар масалалари бўйича ёрдамчиси Браян Николс АҚШ президенти Жо Байден Украинага Россия ҳудудига узоқ масофали қуролли зарбалар беришга рухсат берганини расман тасдиқлади.
«Байден Украинага фойдаланишга рухсат берган қуроллар унинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлайди ва умид қиламанки, Россияга Украина ҳудудларини зўрлик билан эгаллаб олиш муваффақиятсизликка учрашини тушунтиради», деди Николс.