2024 йил 6 июндан бошлаб Ўзбекистонда жисмоний шахслар ўз номига кредит расмийлаштирилишини ихтиёрий равишда тақиқлаш имкониятига эга бўлишди. Бу ҳақда “Кредит-ахборот таҳлилий маркази” кредит бюроси маълум қилди.
Ушбу хизмат мутлақо бепул бўлиб, ҳозирда кредит бюросининг расмий веб-сайти орқали амалга ошириш мумкин. Тақиқни фаоллаштириш орқали фуқаролар ўзлари хабарсиз ҳолда номларига кредит расмийлаштирилиши ҳолатларининг олдини олишлари мумкин.
Мазкур тартиб 2024 йил март ойида қабул қилинган қонунга асосан жорий этилди. Қонунга мувофиқ, жисмоний шахслар ўз номларига кредит расмийлаштирилишини чеклаш учун ёзма ёки электрон шаклда ЯИДХП, давлат хизматлари марказлари ёки кредит бюроларига мурожаат қилишлари мумкин.
Тақиқни жорий этиш ва уни бекор қилиш жараёнлари ҳам тўлиқ бепул ҳисобланади. Ҳозирча давлат хизматлари тизимида мазкур хизмат ишга туширилмаган.
Аввалроқ, 2024 йил 20 июндан бошлаб фуқаролар ўзларининг кредит тарихи олинишига чеклов ўрнатиш имконига эга бўлишган эди.