Жанубий Корея разведкаси феврал ойи бошида Шимолий Корея Курск вилоятига қўшимча ҳарбий кучлар жўнатганини маълум қилди. Ушбу контингент Россия томонида жанг қилган ва катта йўқотишларга учраган.
Бу ҳақда Корея матбуоти Жанубий Корея Миллий разведка хизмати баёнотига таяниб хабар берди. Россияга юборилган қўшимча кучларнинг аниқ сони ошкор қилинмаган.
"Январ ва феврал ойларида тахминан 1000-3000 нафар Шимолий Корея ҳарбийлари Россия кемалари ва ҳарбий самолётлари орқали Курск вилоятидаги фронтга етказилди", — дея хабар беради Жанубий Кореянинг JoongAng нашри ўз манбаларига таяниб.
Қайд этилишича, янги келган ҳарбий кучлар таркибига мотопиёда бўлинмалари, муҳандислик-сапёр қўшинлари ва электрон разведка мутахассислари киради. Ушбу бўлинмалар октябр ойида юборилган контингент таркибида бўлмаган.
Украина ҳарбийлари ва Жанубий Корея разведкаси маълумотларига кўра, тахминан 11 минг ҳарбийдан иборат КХДР контингенти Курск вилоятида оғир йўқотишларга учраган, улардан 4 минг нафари ҳалок бўлган ёки яраланган. Шу сабабли улар январ ойи ўрталарида фронтдан олиб чиқилган. Аммо уч ҳафта ўтиб, Шимолий Корея бўлинмалари яна жанг майдонига қайтган.