Бугун Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Яндекс компаниясининг Бизнес гуруҳи бош директори Даниил Шулейко билан учрашди. Унда ҳамкорликда ишлашнинг стратегик йўналишлари, компаниянинг Ўзбекистонда рақамли технологиялар соҳасини ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди, дейилади Рақамли технологиялар вазирлиги маълумотида.
Шунингдек, сунъий интеллектни ривожлантириш, электрон ҳукумат йўналишида ҳамкорлик ҳамда IT таълим йўналишида таклифлар кўриб чиқилди.
Учрашувда Ўзбекистонда ёшлар учун яратилган имкониятлар юқори баҳоланди. Жумладан, IT Паркнинг «Зеро Риск» лойиҳаси компания раҳбариятида катта қизиқиш уйғотди ва шу мавзуга доир савол-жавоб ўтказилди.
Шу билан бирга, вазир мамлакатимизда аҳоли сонининг ошиб бораётгани, ўз навбатида, улар учун муносиб иш ўринларини яратиш муҳимлигини таъкидлади.
Дарҳақиқат, бугунги кунда IT маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва масофадан ишлашга бўлган талаб ошди. Шу мақсадда Ўзбекистон меҳнат бозорига кириб келаётган ёшларни масофадан ишлашга ҳамда уларни юқори маошли ишларга жалб қилиш бўйича масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Ўз навбатида, IT компанияларни қўллаб-қувватлаш, улар учун солиқ имтиёзлари ҳақида қўшимча маълумотлар берилиб, IT таълим йўналишига ҳам катта эътибор қаратилаётгани айтиб ўтилди, дейилади вазирлик хабарида.