Бугун 18 июль, 2025 йил, жума

O'ZB

Исроилга нисбатан ҳақиқий санкциялар жорий этилди

Исроилга нисбатан ҳақиқий санкциялар жорий этилди

Боготада бўлиб ўтган саммитда бир гуруҳ давлатлар Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлари учун Исроилга қарши қатъий чоралар кўрилишини эълон қилди. Ўн икки мамлакат Тел-Авивга қурол етказиб беришни тўхтатиш ва халқаро ҳуқуқ бузилиши учун босимни кучайтиришга ваъда берди.

Учрашув 16 июль, чоршанба куни якунланди. Унда Туркия 🇹🇷, Колумбия 🇨🇴, Жанубий Африка 🇿🇦, Малайзия 🇲🇾, Ироқ 🇮🇶, Куба 🇨🇺, Индонезия 🇮🇩 ва бошқалардан иборат 30 га яқин давлат иштирок этди. Аммо фақат 12 давлат якунловчи ҳужжатни имзолади ва олти аниқ чорани қабул қилди.

Учрашув ташаббускори — 2024 йил январь ойида тузилган «Гаага гуруҳи». Унинг мақсади — Глобал Жануб давлатларини бирлаштириб, Исроилнинг Фаластинни оккупация қилишини тўхтатиш. Гуруҳ номи Гаагадаги Халқаро жиноят суди шарафига қўйилган. Мазкур суд Исроилдан Ғарбий соҳил ва Ғазодан ўз қўшинларини чиқаришни талаб қилган.

Гуруҳнинг ижрочи котиби Варша Гандикута-Неллутла шундай деди:
«Бугун жазосизлик даврига чек қўямиз. Энди жамоавий ҳаракатлар вақти келди.»

Қабул қилинган чоралар қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • Исроилга қурол етказиб беришни тўхтатиш;

  • Исроил кемалари ёки Исроилга қурол ташувчи кемалар учун портларни ёпиш;

  • Исроил оккупацияси билан боғлиқ компаниялардан харидларни рад этиш;

  • Ҳарбий жиноятлар бўйича халқаро жавобгарлик (универсал юрисдикция) тамойилини қўллаб-қувватлаш.

Давлатлар шунингдек, Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларига алоқадор компаниялар ва амалдорларга нисбатан ҳуқуқий чоралар муҳокамасини ҳам олиб боришди.

Фаластиннинг БМТдаги вакили Рияд Мансур бу ташаббусни олқишлаб, «ахлоқий бурилиш нуқтаси» деб атади.

Бироқ баъзи танқидчилар бу чоралар самарали бўлишига шубҳа билан қарамоқда. Чунки бу давлатлар Исроилнинг асосий иттифоқчиси бўлган АҚШ каби катта таъсир кучига эга эмас. Тел-Авивнинг ўзи эса ҳозирча бу ташаббусга муносабат билдирмади.

Шу билан бирга, саммит иштирокчилари сентябрда БМТ Бош Ассамблеяси очилишигача яна бошқа давлатлар ҳам қўшилишидан умид қилишмоқда.

Киритилди: Бугун 09:09. Ўқилди: 1409 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!