Исроилнинг шимолий ҳудудида Эрон махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилганликда гумонланган маҳаллий фуқаро қўлга олинди.
РИА Новости агентлигининг Исроил полицияси матбуот хизматига таяниб хабар беришича, гумонланувчи разведка топшириқларини моддий манфаат учун эмас, балки мафкуравий қарашлари сабаб бажарган бўлиши мумкин.
Ҳибсга олиш операцияси Исроилнинг Умумий хавфсизлик хизмати (ШАБАК) ва полиция ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган. Қўлга олинган шахс Мазраа аҳоли пунктида яшовчи Висам Авад экани маълум қилинди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотларига кўра, Авад Telegram мессенжери орқали Эрон разведкаси вакиллари билан мустақил равишда боғланиб, уларга ўз хизматларини таклиф қилган. Шунингдек, у Ливандаги "Ҳизбуллоҳ" ҳаракатини қўллаб-қувватлашини билдирган.
"У ўз фаолияти давомида стратегик объектлар, ҳарбий базалар ва полиция бўлинмаларини суратга олиш каби топшириқларни бажарган", — дейилади Исроил полицияси баёнотида.
Терговчиларнинг таъкидлашича, гумонланувчи Эрон разведкасидаги алоқа ўрнатган шахсларга турли объектларга оид ҳужжатлар ва уларнинг географик координаталарини ҳам юборган.
Исроил полицияси Висам Авадга нисбатан оғир айбловлар қўйиш режалаштирилаётганини маълум қилди.