Исроил яқин кунларда Эрондаги белгиланган нишонларга берилаётган зарбаларни якунлашга умид қилмоқда, деб хабар бермоқда The Wall Street Journal.
"Шундан сўнг Исроил ҳарбий ҳаракатларни тугатиши мумкин, бироқ бу кўп жиҳатдан Эроннинг қандай жавоб беришига боғлиқ бўлади", дея ёзмоқда нашр исроиллик расмийларга таяниб.
WSJ'га кўра, АҚШ минтақадаги араб давлатлари расмийларидан бу хабарни Эрон томонига етказишни сўраган, бироқ Теҳрон ҳозирча чекинишга тайёр эмаслигини билдирган.
"Эрон Қўшма Штатларнинг ҳужумига жавоб беришга мажбур эканлигини маълум қилган. Исроилликлар эса Эроннинг жавоб ҳужумига ҳам қарши чора кўрилишини таъкидламоқда", дейилади хабарда.
Бундан ташқари, агар Теҳрон музокаралардан кейин ўз ядровий дастурини тиклашга уринса, Исроил яна ҳужум қилишини билдирган.