Исроилнинг Rafael Advanced Defense Systems компанияси душман ҳудудининг чуқур қисмларидаги нишонларга зарба бериш ҳамда замонавий ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини ёриб ўтишга мўлжалланган "SUPER ICE" номли янги узоқ масофали қанотли ракетани тақдим этди.
ICE туркумидаги ракеталарни ишлаб чиқиш ишлари 2021-йилда, ўша вақтдаги Бош вазир Нафтали Беннетт Исроилда Эроннинг ядровий инфратузилмасига самарали зарба бериш учун зарур бўлган, зудлик билан қўллашга тайёр имкониятлар етишмаслигини аниқлаганидан сўнг бошланган. Шундан сўнг, мудофаа саноати олдига имкон қадар қисқа вақт ичида чуқур ҳудудларга зарба берувчи қуролни яратиш вазифаси қўйилди.
Янги ICE ракетаси кенгайтирилган таъсир доираси, юқорироқ тезлик ва 454 кг оғирликдаги жанговар қисмга эга. Ракетани ҳаво, қуруқлик ёки денгиздаги платформалардан учириш мумкин, бу эса унинг қўлланилиш имкониятларини сезиларли даражада кенгайтиради.
"Maariv" нашрига кўра, ICE ракета туркумининг аввалги версиялари Эрон, Сурия, Ливан, Яман ва Қатардаги нишонларга берилган зарбаларда аллақачон қўлланилган.