Исроилнинг «Моссад» разведка хизмати Эрон томонидан АҚШ президенти Дональд Трамп ва унинг маъмуриятининг юқори мартабали вакилларига нисбатан эҳтимолий суиқасдлар тайёрланаётгани ҳақидаги маълумотларни Марказий разведка бошқармасига (ЦРУ) тақдим этди.
Бу ҳақда Исроил ва АҚШнинг юқори мартабали манбалари маълум қилган.
Нашр маълумотларига кўра, ахборотни текшириш АҚШ томонининг сўрови асосида амалга оширилган. Исроил махсус хизматлари маълумотларини яна бир Ғарб разведка хизмати ҳам тасдиқлагани айтилмоқда. Шунингдек, «Моссад» раҳбари Роман Гофман Вашингтонга ташрифи доирасида ЦРУ директори Жон Рэтклифф билан шахсан учрашган.
Тақдим этилган разведка маълумотларида портловчи моддалар билан жиҳозланган дронлар орқали ҳужум уюштириш хавфи ҳақида сўз боради. Бундай ҳужумларга қарши шахсий қўриқлашнинг стандарт протоколлари самарасиз бўлиши мумкин.
Олинган огоҳлантиришлар ортидан Вашингтонда шошилинч хавфсизлик чоралари кўрилган: Дональд Трампнинг очиқ майдонлардаги чиқишлари чекланган, АҚШ президенти иштирокидаги тадбирларда эса дронларни аниқлаш ва уларни ишдан чиқаришга мўлжалланган махсус мажмуалар жойлаштирилган.
Бундан ташқари, хавф остида бўлган бир қатор юқори мартабали амалдорлар хусусий қароргоҳларидан қўриқланадиган ҳарбий объектларга кўчирилган. Кучайтирилган ҳимоя остига олинган шахслар қаторида молия вазири Скотт Бессент, Давлат котиби Марко Рубио ва Пентагон раҳбари Пит Хегсет ҳам борлиги айтилмоқда.
Israel Hayom манбалари таъкидлашича, айнан шу маълумотлар Оқ уйнинг Теҳронга нисбатан позициясини қатъийлаштириши ва дипломатик мулоқотдан воз кечишига туртки берган ҳал қилувчи омиллардан бири бўлган.
Аввалроқ Трампнинг ўзи музокараларга эҳтиёж қолмаганини билдирган эди: «Бизга Эрон билан келишув керак эмас. Бу даврлар аллақачон ўтиб кетган».
Исроил разведка хизматлари Эрон томонидан Дональд Трампга нисбатан тайёрланаётган суиқасд ҳақидаги махфий маълумотларни АҚШга топширгани тўғрисидаги хабарлар июнь ойида ҳам тарқалган эди. Ўшанда бу ҳақда The Wall Street Journal нашри ўз манбаларига таяниб хабар берган.
Дональд Трампнинг ўзи ҳам НАТО саммити доирасидаги тадбирлардан бирида хавф мавжудлигини билвосита тасдиқлаган эди.