Бугун 29 март, 2025 йил, шанба

O'ZB

Исроил армияси Рафаҳ аҳолисини операция бошланиши сабабли эвакуация қилишга чақирмоқда

Исроил армияси Рафаҳ аҳолисини операция бошланиши сабабли эвакуация қилишга чақирмоқда

Исроил мудофаа кучлари Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳри Тел Султон ҳудуди аҳолисини шимолдан эвакуация қилишга чақирди.

Бу ҳақда Исроил армияси расмий вакили Авичай Эдри маълум қилган.

"Ҳозирда Рафаҳнинг Тел Султон ҳудудидаги ғазоликларга шошилинч огоҳлантириш: Исроил армияси бу ҳудудда аксилтеррор операциясини бошлади, уни зудлик билан тарк этинг ва Эл-Маваси ҳудудига йўл олинг", деб ёзади у "Х" ижтимоий тармоғида.

Унга кўра, эвакуация фақат махсус ажратилган маршрутлар бўйлаб амалга оширилади, автомобилда ҳаракатланиш тақиқланади.

Кейинроқ ИА матбуот котиби Ғазо сектори шимолидаги Байт Ханун ҳудудида қуруқликдаги операция бошлангани ҳақида хабар берди. Операциядан мақсад, айтилганидек, "ХАМАС объектлари ва хавфсизлик зонасини кенгайтириш" эди.

Армиянинг аниқлик киритишича, операция давомида Исроил қирувчи самолётлари Фаластиннинг ХАМАС ҳаракатининг бир нечта нишонларига зарба берган.

Эслатиб ўтамиз, Ғазо секторида қуруқликдаги операция 19 март куни йирик ҳаво ҳужумларидан сўнг қайта бошланган эди. Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняху идораси Хамас воситачилар таклифларини қабул қилишдан бош тортгани учун жанглар давом этганини айтди. Исроил томонининг таъкидлашича, операциядан мақсад гаровга олинганларни озод қилиш бўлиб қолмоқда.

Киритилди: 14:06 23.03.2025. Ўқилди: 611 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!