Шамолли об-ҳаво ва шамол энергетикаси орқали электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши туфайли Германияда электр энергияси нархи пасайиб, бир неча соат давомида нол даражадан пастда қола бошлади. Масалан, 24 май куни нархлар 7 соат давомида манфий қийматда бўлиб, бир мегаватт-соат учун - 13,17 еврога етди, деб ёзади Bloomberg агентлиги Epex Spot SE биржаси маълумотларига таяниб.
Май ойида электр энергиясининг ўртача нархи кунига тўрт соат давомида нолдан паст бўлди, бу апрел ойига нисбатан тахминан 45 фоизга кўп. Март ойида қуёш энергияси ишлаб чиқаришнинг ортиши туфайли Германия, Нидерландия ва Белгияда унинг нархлари бир мегаватт-соат учун -17,73 евро бўлгани хабар қилинган эди.
Нархларнинг пасайиши тобора тез-тез содир бўлмоқда, бу эса, қуёш ва шамол энергиясига сармоя киритадиган инвесторлар учун фойданинг йўқолишига олиб келади, аммо истеъмолчиларнинг бир қисми учун фойдали бўлиши мумкин.