Исроил АҚШ ҳарбий ёрдамидан босқичма-босқич воз кечишни ҳамда Вашингтон билан янги шартлар асосидаги ҳамкорликка ўтишни ният қилмоқда. Бу ҳақда Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху идораси томонидан эълон қилинган баёнотда айтилади.
Бош вазир идорасининг қайд этишича, 1996-йилда Нетаняху АҚШнинг 1,2 миллиард долларлик иқтисодий ёрдамидан босқичма-босқич воз кечишга ваъда берган эди — идора маълумотига кўра, ушбу ваъда бажарилган. Орадан 30 йил ўтиб, Бош вазир Исроил иқтисодиёти АҚШнинг ҳарбий ёрдамисиз ҳам фаолият юрита оладиган даражада мустаҳкам эканига ишонч билдирмоқда.
Идора таъкидлашича, ушбу қадам ёрдам моделидан ҳамкорлик моделига ўтишни англатади. Шунингдек, АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг сўзларига таяниб, ёрдамни тўхтатиш ташаббуси айнан Исроил томонининг ўзидан чиққани қайд этилди.